ХИРА КЎРАДИГАНЛАР УЧУН САЙТНИНГ ОДДИЙ КЎРИНИШИ САЙТНИНГ МОБИЛ КЎРИНИШИ
ГЕМАТОЛОГИЯ ВА ҚОН ҚУЙИШ
ИЛМИЙ ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТИ
Рус | Ўзб

Сиз бу ердасиз: Бош саҳифа » Институт » Тарих

ИНСТИТУТ ТАРИҲИ

Ўзбекистон Республикаси Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти ТАРИҲи Ўзбекистонда гематология ва трансфузиологиянинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистонда гематология мактабининг асосчиси сифатида 1920 йилда Тошкент шаҳрига Ўрта Осиё Давлат университетида тиббиёт факультетини ташкил қилиш учун келган Александр Николаевич Крюковни тавсифлаш жоиздир.

А.Н. Крюков, унинг ўқувчилари ва издошлари И.А. Кассирский, М.И. Слоним, Г.А. Алексеев, О.Н. Павлова, Э.И. Атаханов, Н.И. Исмоилов, А.А. Аскаров, Г.С. Сулейманова, К.Г. Титов, Р.С. Гершенович биринчилардан бўлиб пеллагра, спру, безгак ва бошқа касалликларда периферик қон таркибини ўрганишди, айрим гематологик касалликлар этиологияси, патогенези, клиникасининг баъзи томонларини очишди, суяк кўмиги қон ишлаб чиқаришини ўрганишда М.А.Аринкин бўйича стернал пункцияни гематология амалиётига киритди.

Гематология соҳаси билан бир қаторда қон қуйиш хизмати ҳам ривожлана борди. Биринчи қон қуйиш хонаси 1930 йилда Тошкент шаҳрида профессор И.И. Орлов. раҳбарлигидаги жарроҳлик клиникаси қошида очилди. Бунинг ташкилотчиси ва мудири шу клиника ассистенти, кейинчалик профессор В.К. Ясевич эди. Иш бошланган даврда на штат ва на донорларга пул ажратилмаган. Шундай бўлса ҳам донорлардан қон тайёрланган, ва биринчи донорлар тиббий ҳодимлар ва бемор қариндошлари бўлишган.

Қатор оғир касалликларни даволашда қондан фойдаланиш, режали қон тайёрлашнинг зарурлиги, донорликни ташкиллаштириш, стандарт зардобларни тайёрлаш алоҳида муассаса тузишни талаб қилади

1934 йилда қон қуйиш хонаси Марказий қон қуйиш станциясига айлантирилди. 1934-1935 йиллар Самарқанд тиббиёт институти қошида (А.И. Зверев), Бухоро шаҳар касалхонасида (П.Н. Карленко), Қўқон туманлараро касалхонасида К.Г. Усова), Термиз шаҳрида (С.А. Сакфельд) қон қуйиш бўлимлари ташкил этилди. Кейинчалик қон қуйиш бўлимлари республиканинг бошқа шаҳарларида ҳам очилди.

Оғир касалликларни даволашда қон қуйишнинг аҳамиятини ортиши, клиник тиббиётда гемотрансфузиянинг кенг қўлланилиши бу даволаш усулини илмий жиҳатдан асослашни ва қуйилган қоннинг бемор организмига таъсирини ўрганишни талаб қилади. Қон хизмати муассасаларини ташкилий-услубий бошқаришга эҳтиёж туғилди. Қон ва гемагглютинацияловчи зардоблар тайёрлашни ошириш, доимий донор кадрларини тузиш ҳамда қон йиғиш ва қуйиш бўйича врач гематологлар, трансфузиологлар ва ўрта тиббиёт ҳодимларини ўқитишга талаб ошди.

1940 йил 31 октябрда Ўзбекистон қон қуйиш илмий текшириш институти ташкил этилди ва кейинчалик бу Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти деб юритила бошлади.

Институтнинг биринчи директори қилиб Т.А. Юсупов тайинланди. Институтни ташкил этишда институтнинг илмий раҳбари Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор В.К. Ясевичнинг хизматлари катта бўлди. Институтнинг ривожланишига М.З.Итин, Э.И.Атаханов, А.Ю.Юнусов, С.А.Агзамходжаев, К.Б.Болтаев, А.Т.Астанов, Г.С.Сулейманова ўзининг хиссасини қўшган. Институт ташкил топган йил учта бўлимдан иборат бўлган: донорларни жамлаш ва чекка жойларда иш олиб бориш, қонни қайти ишлаш ва стандарт зардобларни тайёрлаш. 1941 йил бошида республика шаҳарларида очилган бўлимлар институт филиалларига айлантирилди ва унинг бюджетига ўтказилди. Институт ва унинг филиаллари ҳодимлари касалхона, туғруқхона, поликлиникаларда қон қуйиш таянч пунктларини ташкил қилиш, қон қуйишни даволаш усули эканлигини тарғибот қилиш, врач ва ўрта тиббиёт ҳодимларига қон қуйиш техникасини ўргатиш, аҳоли орасида донорликни ташвиқот қилиш ишларида иштирок этишган.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши арафасида республика қон хизмати ўзига институт ва унинг 13та филиалини, ҳамда 41та таянч пунктини бирлаштирди. Институт республика ҳудудида жойлашган госпиталларни ва даволаш муассасаларини қон ва қон ўрнини босувчи эритмалар билан таъминлаб туришдек муҳим вазифани бажаришга раҳбарлик қилди. Қон хизмати ходимларининг фидокорлиги, минглаб донорларнинг ватанпарварликлари туфайли кўплаб ватан химоячиларининг соғлиғи тикланди.

Урушдан кейинги даврда институт кенг кўламли илмий изланишлар, гематология ва трансфузиология соҳасида илмий амалий кадрлар тайёрлаш марказига айланди.

1953 йилдан бошлаб институтда клиник ординаторлар лавозими киритилди, 1957 йилдан кичик илмий ходимлар, 1962 йилдан аспирантлар учун ўринлар ажратилди. 1964 йилда Ўз ССР соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт фанлари номзодларини, катта илмий ходимларни Москва ва Ленинград шаҳарларига тиббиёт фанлари докторларини тайёрлаш учун юборишга рухсат берди. 1962 йил маҳсус лойиҳа асосида бино қурилиб замонавий анжомлар билан таъминланди ва институтнинг барча лаборатория ва бўлимлари шу бинога жойлаштирилди.

Республикада 25 ўринга мўлжалланган биринчи гематологик бўлим профессор В.К.Ясевич ташаббуси билан 1937 йилда ташкил топган. Бўлимни Ц.З.Слепаков бошқарган. Уруш йилларида бўлимда ўринлар сони 60тага, 1960 йилда 100тага етган. Вилоят ва туман касалхоналари катталар ва болалар соматик бўлимларида гематологик ўринлар ташкил этилган, болалар ва катталарни даволаш учун гематологик бўлимлар очилган. Ташкиллаштириш бўйича услубий раҳбарликни институт олиб борган.

1961-1984 йилларда Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига (ЎзГваҚҚИТИ) Х.А.Хакимов бошчилик қилган. Бу даврда унинг раҳбарлигида институтнинг қудратли ва мустаҳкам материал-техник базаси ташкил топган: янги илмий лабораториялар, гематологик бўлимлар, мактаб интернат билан гемофилия маркази очилган; ишлаб чиқарувчи маҳсулотнинг (гемокомпонент ва гемопрепаратлар) ҳажми ва турини оширишга имкон туғдирадиган трансфузиология хизмати ривожланган. Биринчи навбатда ўша даврда республикага раҳбарлик қилган Ш.Р.Рашидов кўмагида Республика замонавий гематология маркази қуриб фойдаланишга топширилган. Ўзбекистоннинг вилоят марказларида гематологик бўлимлар сони ортди, техник жиҳозланиши яхшиланди (қонни фракциялаш столлари, паст ва ультра паст ҳароратли музлаткичлар, сайёр шароитда қон тайёрлаш учун автобуслар ва ҳ.к.). Вилоят, шаҳар қон қуйиш станцияларида беғараз қон топшириш бўйича донорлик кенг тарқалди. Бу эса ўз навбатида республика аҳолисига гематологик ва трансфузиологик ёрдамнинг яхшиланишига олиб келди.

Институтга раҳбарлик қилиш йилларида Х.А.Хакимов ёрдамида 7та докторлик ва 51та кандидатлик диссертациялари ёқланди. Х.А.Хакимов томонидан 120тадан ортиқ илмий ишлар, шунингдек, 3 монография нашр қилинди. Амалий соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт фанига қўшган хиссаси учун Х.А.Хакимов “Хизмат кўрсатган фан арбоби” ва “Республикада хизмат кўрсатган шифокор” унвонлари билан мукофотланган. Ҳозирги вақтда гематология ва трансфузиологияда эришилаётган ютуқлар Х.А.Хакимовнинг 25 йиллик раҳбарлик давомида соҳага қўшган хиссалари билан боғлиқ деб айтсак муболаға бўлмайди.

1963 йилдан У.А.Алтибаев ўзининг тақдири ва фаолиятини Ўз.Р.ССВ Гематология ва қон қуйиш ИТИ билан боғлади. Гематология ва қон қуйиш Институти жарроҳлик клиникаси раҳбарлиги лавозимида ишлаган У.А.Алтибаев томонидан бир қатор муҳим ташкилий ишлар амалга оширилган, шу жумладан, республикада жарроҳлик гематологиясини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, қон тизими касалликлари билан беморларда жарроҳлик амалиёти хусусиятларини ўрганиш. Шахсан у томонидан ва ҳодимлар билан биргаликда апластик камқонликда жарроҳлик жиҳатларини, идиопатик тромбоцитопеник пурпура эпидемиологияси ва давосини ўрганиш бўйича чуқурлашган текширувлар ўтказилган. Х.А.Хакимов билан биргаликда гемофилия билан касалланган бемор болалар учун мактаб-интернатли Марказ ташкил қилди.

Кўп сонли илмий мақолалар билан биргаликда унинг қўлёзмаларига қуйидаги монографиялар киради: “Тромбоцитопеник пурпура” (В.А.Климанский ҳаммуаллифлигида (Москва ш.), Тошкент, “Тиббиёт”, 1984й), “Инфузион терапия бўйича маълумотнома” (В.А.Журавлев ва О.Н.Савельев билан ҳаммуаллифликда, Киров ш., Россия).

А.Т.Тўраев ташаббусига кўра 1967 йили республикада биринчи бўлиб ЎзГваҚҚИТИ клиникасида болалар гематологияси бўлими ташкил этилди, бу ерда камқонликнинг турли шакллари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилди. 1970 йилдан бошлаб А.Т.Тўраев юқори малакали мутахассис сифатида деярли 30 йил давомида республика Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг болалар бош гематологи бўлган эди ва вилоятлардаги кўп тармоқли болалар касалхоналари таркибидаги болалар гематология тармоғини ривожланишига ўз хиссасини қўшди. Болалар камқонлигининг турли шаклларини ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш, эпидемиологияни ўрганиш А.Т.Тўраев ва унинг шогирдларининг илмий тадқиқотларининг бош йўналиши бўлган.

Институт ТАРИҲи ривожи шунингдек ўз даврининг таниқли фан арбоби Г.С.Левин номи билан чамбарчас боғлиқ. 70-йиллар бошларида Г.С.Левин геморрагик шокнинг “қайтмас” фазаси патогенези бўйича янги тахминни олға сурган эди ва уни исботлаш учун тадқиқотлар бошлаб юборилди. Натижада энергия алмашинуви ҳолатини батафсил ўрганиш ва шокнинг метаболик фазасининг инфузион терапиясини экспериментал ишлаб чиқиш, геморрагик шок патогенезида метаболизм липидлари аҳамиятини аниқлаш имкони бўлди. Бу тадқиқотлар материаллари Г.С.Левин ва Ц Л.Каменецкаянинг “Қон йўқотиш ва шокда липидлар метаболизми” (1982), Г.С.Левиннинг “Қон йўқотиш ва шокда биоэнергетик жараёнлар” (1991) монографиялари, бир қатор кашфиётлар ва янги қон ўрнини босувчи препаратларни ишлаб чиқиш асосини ташкил қилди.

Олимнинг илмий йўналишлари кўп қирралилиги уни бошқа йўналишларда изланишлар олиб боришга рағбат уйғотди. Хусусан, у шогирдлари билан (И.Б.Калмикова ва бошқалар) бирга тромбоцитлар агрегацияси роли, жигар органелларида биологик кислоталаниш ва мембрана жараёнлари бузилиши, қон йўқотиш ва шокда юрак фаолиятини ўрганди, гепатит эпидемиологияси ва вирусларга қарши масалаларни ишлаб чиқди, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида эритроцитлар глюкоза-6-фосфат дегидрогеназа фаоллиги етишмовчилиги ва талассемия клиник-лаборатор тадқиқотларда бевосита иштирок этди. Кейинги тадқиқотлар натижалари бўйича бир докторлик ва икки номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди, шунингдек, “Ўзбекистонда гемолитик камқонлик” монографияси тайёрланди (С.М.Бахрамов, Ю.Н.Токарев, Г.С.Левин, Тошкент, 1986).

ТошВМОИ Гематология ва трансфузиология кафедраси мудири, РТФА академиги, профессор Саиджалол Махмудович Бахрамов гематология ривожига катта хисса қўшди. С.М.Бахрамов гемолитик камқонлик муаммолари бўйича гематология тараққиётига улкан улуш қўшди. Республикада амалий соғлиқни сақлаш учун гематолог-трансфузиолог врач кадрлар тайёрлашда ТошВМОИ кафедра профессори Х.К.Фарманкулов ва ТМА кафедра профессори Н.М.Холматова иштирок этди.

1980-1993 йилларда В.Г.Михайлов Тошкент давлат тиббиёт институти Гематология кафедраси мудири бўлиб ишлади. Бу давр мобайнида у талабалар учун гематология, шунингдек, трансфузиология бўйича бир қатор ўқув қўлланмалари тайёрлади.

В.Г.Михайлов ёзувчилик иқтидори туфайли “Ҳаётнинг қизил елкани”, “Оқ халатли одамлар”, “Доктор Ценер”, “Қон сирлари” сингари тиббий мавзудаги 30дан ортиқ қисса ва китоблар чоп этди. Уларда кенг китобхонлар оммасига тушунарли тарзда гематология ва трансфузиологиянинг ютуқлари, ўлкада тиббиёт ТАРИҲининг баъзи муҳим соҳалари ва бошқаларни ёритиб берди. У Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган эди.

1985 йилдан 1996 йилгача т.ф.д., профессор Я.Д.Сохибов институт директори бўлиб ишлади. Я.Д.Сохибов раҳбарлигида радиоизотоп сцинтиграфия усули билан қон тизимининг вазифаси ва топографияси ўрганилди, спленэктомия самарасини баҳолаш мақсадида талоқ ва жигар эритроцитлари ва тромбоцитлари гиперсеквестрациясига (гемолиз ва тромбоцитолизда) миқдорий баҳо берилди.

1997 йилдан 1999 йилгача т.ф.д., профессор О.М.Нажмиддинов Гематология ва қон қуйиш ИТИ директори бўлиб ишлади.

1999 йилдан 2005 йилгача институтга К.Ф.Бакирханов раҳбарлик қилди. Унинг фаолияти даврида Ўзбекистон Республикасининг “Қон ва унинг компонентлари донорлиги ҳақида”ги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. У “Қон одамлар хизматида” Халқаро хайрия фондини ташкил қилишга кўмаклашди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилада тиббий маданиятни оширишнинг етакчи йўналишларини амалга ошириш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом авлоднинг туғилиши, ва тарбиялаш тадбирлари ҳақида”ги 2002 йил 5 июлдаги 242-сонли Қарорини ишлаб чиқишда қатнашди, бу билан республика қон хизмати муассасаларини моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозланишига жуда катта хисса қўшди.

2005 йилдан 2012йилгача Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган фан арбоби, МДҲ Патофизиологлари Халқаро Ассоциацияси аъзоси, Россия Табиий фанлар Академияси академиги, Польша Тиббиёт фанлари Академияси фахрий аъзоси, Ўзбекистон Патофизиологлари Ассоциацияси раиси, “Патофизиология” ихтисослиги бўйича Ихтисослаштирилган Кенгаш раиси, Ўз.Р.ССВ Тиббиёт Илмий Кенгаши Президиуми аъзоси, профессор Ҳамид Якубович Каримов раҳбарлик қилди.

Гематология Институтидаги фаолияти давомида олим ўз эътиборини гематология ва трансфузиологияда замонавий формация кадрларини тайёрлашнинг самарали шаклларини ташкил этишга қаратди; Россия, Европа ва АҚШ илмий мактаблари билан алоқалар ўрнатишга ҳар томонлама кўмаклашди, гематология ва қон хизматига замонавий технологияларни тадбиқ этишга раҳбарлик қилди.

Ташкилотчи сифатида институт бўлимлари фаолиятига катта ўзгартиришлар, ўқув ва илмий-амалий жараёнга демократизация ва гуманитаризация асосларини киритди. Шунинг учун институтнинг даволаш-ташхислаш базасини замонавийлаштиришга моддий-техник замин яратилмоқда: институт қатор биноларида таъмирлаш-реконструкция ишлари ўтказилди, вилоят қон қуйиш станцияларига ташкилий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун республиканинг кўп туманларига сафарлар уюштирилди, халқаро мутахассислар иштирокида гематология ва қон хизмати бўйича илмий-амалий конференцияларни ташкиллаштирди.

Республика қон хизмати тузилиши сайёр шароитда қон тайёрлаш, вилоят қон станциялари даражасида донор қонини тайёрлаш ва тестлашни марказлаштириш йўли билан ўзгартирилди.

2005 йилда профессор Каримов Х.Я. ташаббуси билан тиббий генетика лабораторияси базасида цитогенетика, молекуляр генетика ва ўзак ҳужайраларни ўрганиш (ҳужайра технологияси) бўйича бўлимлар, аниқроғи молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологияси Бўлими ташкил топди. Ҳозирги вақтда Бўлим 5та бўлинмалардан иборат (клиник-биокимёвий генетика, цитогенетика, молекуляр генетика ва ҳужайра технологияси бўлимлари, иммунофенотиплаш лабораторияси). Бу ерда генетик текширувларнинг янги усуллари ўзлаштирилган ва йўлга қўйилган. Бўлим таркибида институт базасида Ўрта Осиёда ягона гемопоэтик ўзак ҳужайралар билан даволаш Маркази ўзининг фаолиятини бошлади

2012 йилдан ҳозирги вақтгача институтга А.Б.Саидов раҳбарлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти ҳозирги вақтда илмий бўлимлар, қон қуйиш станцияси ва клиникадан иборат илмий-амалий комплекс бўлиб ҳисобланади.


Саҳифани бошқариш: Бош Саҳифа

ФОТОГРАФИИ